Shashmaqom
ШАШМАҚОМ
ШАШМАҚОМ (форс. — олти ва мақом) — ўзбек ва тожик халқлари мусиқий меросида марказий ўрин тутган мақомлар туркуми; парда, оҳанг, усул, шакл, услуб каби воситалар билан ўзаро узвий боғланган мумтоз куй ва ашулалар мажмуи. У муайян шартшароитларда мусиқий фольклор ҳамда касбий мусиқа йўналишларида орттирилган кўп асрлик илмийижодий тажриба ҳамда изланишлар натижасида юзага келган. Шашмақом миллий ҳамда минтақавий мумтоз мусиқа анъаналарининг тарихан узун тараққиёт жараёни натижасида бир қатор бастакорлар авлоди санъатининг қомусий маҳсулидир.
Ўрта аср Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари мусиқа илмида мақом, асосан, парда тузилмалари тушунчасини ҳамда уларга мос ҳолда яратилган қуй ва ашулаларни ифодалади. Мақомлар дастлабки даврда тарқоқ шаклларда ривожланди, 13-асрда эса Сафиуддин ал-Урмавий уларни ўн икки асосий мақомдан иборат назарий тизим шаклига келтирди. 17-асрдан сўнг Ўн икки мақом тизими инқирозга учраб, унинг негизида Шарқ халқлари орасида мақомларнинг янгича миллий ва маҳаллий шакллари вужудга кела бошлади. Хусусан, 18-асрнинг ўрталарида Ўрта Осиёнинг йирик маданий марказларидан бири Бухоро шаҳрида сарой созанда, хонанда ва бастакорлари ижодийижрочилик фаолиятида Шашмақом узилкесил шаклланиб, Бухоро мақомлари, Бухоро Шашмақоми номларида ҳам юритилди. Ўзбек мақом турларидан Хоразм мақомлари, ФарғонаТошкент мақом йўллари, шунингдек, ёввойи (эркин кўринишдаги) мақомлар, сурнай, дутор йўллари ва бошқалар Шашмақом таъсирида ривожланди. Ўтган замон бастакорлигида кенг қўлланилган амал, кор, нақш, пешрав, савт, тарона, қавл каби жанрларнинг ноёб намуналари Шашмақом таркибида бизгача етиб келди.
Ш. Бузрук, Рост, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ ва Ироқ мақомларидан ташкил топган бўлиб, жами 250 дан ортиқ ҳар хил шаклдаги куй ва ашула намуналаридан иборат. Шу қунга қадар созанда, ҳофиз ва бастакорлар мақом йўлларининг қўплаб ижровий талқинларини кашф этдилар, овоз, танбур, сурнай, дутор ва бошқалар мақом йўлларида бир қисмли ва туркумли асарлар ижод қилдилар, улар асосида янги куй ва ашулалар яратдилар.
Мақомлар созанда ва хонандалар томонидан якка тарзда, шунингдек, жўровозлик ва жўрнавозликда ижро этиб келинган. Хусусан, Бухоро амирлари саройида энг сўнгги даврда жўрнавозлик асосан, 2 танбур, 2 доира (доирачилар хонанда ҳам бўлган), афғон рубоби, сато ёки қўбиз, имконга кўра бўламон чолғуларидан иборат бўлган. Мақом ижрочилигида танбур етакчи соз ҳисобланади. Чунки у торларини мақом пардаларига мослаб созлашда ва мақом йўлларини мукаммал янгратишда бирмунча қулайликларга эга. Доира эса созанда ва хонандаларнинг Шашмақом қисмларини белгиланган усул негизида ижро этишлари учун зарур восита бўлиб хизмат қилади.
Ҳар бир мақомнинг бош товушқатори ўзига хос ва нисбатан барқарор бўлиб, туркумнинг тўлиқ мусиқий ижро жараёнида унинг пардаларида айрим ўзгаришлар ҳам содир бўлиб туради. Чунки Шашмақом шаклланишида мақомлар таркибига 12 мақомдан мазкур мақом пардаларига яқин, куй мавзуи табиатига оҳангдош ўзга шўъба ва мақом йўллари ҳам киритилган. Уларнинг ладтоналлиги асосий мақом йўлларига баъзан мос келмаслиги ҳам мумкин.
Шашмақомни ташкил этган мақомларнинг ҳар бири икки — чолғу (мушкилот) ва ашула (наср) йирик бўлимларидан иборат. Чолғу бўлимларида бир хил ном билан аталувчи чолғу қисмлари мавжуд бўлиб, оҳанглари ўзлари мансуб бўлган мақом куйига хос, доира усуллари эса бир хилдир. Улардан асосийлари Тасниф, Тарже, Гардун, Мухаммас ва Сақил деб аталади. Бу кисмлар мақом номларига қўшиб (мас, Таснифи Бузрук, Таржеи Дугоҳ, Гардуни Сегоҳ каби), айримлари эса бастакорлар номи билан бирга (мас, Мухаммаси Насруллойи, Сақили Ислимхон) аталади. Баъзи чолғу қисмлари алоҳида номга эга (мас, Нағмаи Орази Наво), Дугоҳ ва Сегохда эса мақом номи билан қўшиб айтилади (мас, Пешрави Дугоҳ, Самои Дугоҳ, Хафифи Сегоҳ). Шашмақомнинг чолғу қисмлари хона ва бозгўй куй тузилмаларидан ташкил топади. Бунда мунтазам равишда ўзгарувчи хоналарнинг ривожланиши учун қўлланадиган пешрав услуби алоҳида аҳамият касб этади. Тасниф, Тарже, Нағмаи Ораз, Самои, Хафиф каби чолғу қисмлари бир-бирига ўхшаш, кичик ҳажмли; Гардун ва Пешрав бирмунча ривожланган; Мухаммас ва Сақил йўллари узун ва мураккаб доира усуллари негизида ижод этилган. Шашмақом чолғу йўлларининг ички тузилиши мураккаб бўлсада, ўзининг равон оҳангдорлиги ва рангбаранглиги билан шу мақом қуй мавзулари билан бевосита боғликдир. Бу асарлар теран фалсафий ва турфа лирик кайфиятларни ифодалайди, тингловчилардан эса эшитиш кўникмаларига эга бўлишни талаб этади.
Одатда, Шашмақом чолғу қисмлари биринкетин яхлит тарзда ижро этилгандан сўнг унинг «Наср» бўлимига ўтилади. Ашула қисмлари анча мураккаб шаклдаги шўъбалар, уларнинг тарона ёки шохобчаларидан иборат. Булар ҳам яхлит туркум тарзида ижро этилади. Шашмақом ашула бўлимлари тузилиш жиҳатидан бир-биридан фарқланадиган икки тоифа шўъбалар гуруҳидан ташкил топган; биринчисига Сарахбор, Талқин, Наср деб номланувчи шўъбалар ва якуний Уфар қисми, иккинчисига эса, асосан, Савт ва Мўғулча номли шўъбалар ва уларнинг шохобчалари киради. Шашмақом даги номдош шўъбалар (Сарахбори Бузрук, Сарахбори Наво ва бошқалар)нинг куйоҳанглари турлича бўлсада, доира усули ва куйларига боғлаб айтиладиган шеър вазнлари бир хилдир. Шўъбаларнинг иккинчи гуруҳида Талқинча, Қашқарча, Соқийнома ва Уфар деб номланадиган шохобчалар мавжуд ва улар шу номдаги ўзига хос доира усулларида янграйди. Шашмақом шўъбаларининг ривожланишида авж ва намудлар алоҳида аҳамият касб этади. Улар ашуланинг йирик шакл олиши ва мазмунан чуқурлашишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Намудлар мақом йўлларида якка авж ёки гуруҳ тартибида эркин ишлатилади. Ўтмишда ҳофизларнинг хоҳиш ва имкониятига қараб намудлар сони (бир шўъбада 4 тагача) ўзгариб турган.
Шашмақом ашула бўлими шўъбалари шаклан баркамол бўлиб, ички тузилмалар таркиби турлича бўлиши мумкин. Мас, ҳар бир шўъба йўли чолғу муқаддимаси билан бошланади. Кейин даромад номли бош хат ижро этилади ва ўрта пардаларда баён этилувчи миёнхат жумлаларига ўтилади. Урнига қараб дунаср тузилмасида юқори пардалар забт этилади. Сўнгра шўъбаларга хос авжда намудлар айтилиб, ашула йўли миёнхат орқали ёки усиз уланиб кетадиган фуровард (туширим) тузилмаси билан якунланади. Баъзи шўъбалар тузилиши бошқачароқ бўлиши ҳам мумкин.
Шашмақом ашула бўлимининг биринчи гуруҳ шўъбалари туркумли тарзда яхлит ижро этилганида, Сарахбор билан бошланиб, сўнг унинг тароналари (6 тагача) ўқилади. Тароналарнинг охиргиси талқин доира усулида айтиладиган супориш қисми воситаси билан Талқин шўъбасига силлиқ уланиб боради. Талқин таронаси ижро этилиб, наср доира усулидаги супориш орқали Наср шўъбаси ва унинг тароналарига ўтилади (Наср шўъба намуналари битта мақомда 2—3 тагача етади). Охирги Наср шўъбаси, одатда, таронасиз ўқилиб, бевосита Уфар ашула йўлларига қўшилади ва охирги супориш билан туркум якунланади.
Шашмақом ашула бўлимининг иккинчи гуруҳидаги шўъбалар ўзаро боғланмаган тарзда мустақил ашула йўллари ҳисобланиб, уларнинг ҳар бири, асосан, 5 қисмли туркумни ташкил этади. Мас, асосий Савт ёки Мўғулча ашула йўлидан кейин унга ушбу куй мавзуининг янгича вазнусулли (Талқинча, Қашқарча, Соқийнома ва Уфар) намуналари навбатманавбат уланади.
Мақомларнинг тарихий, назарий, эстетик масалалари узоқ ўтмишдан шу кунга қадар мусиқашунослар томонидан ҳар томонлама ўрганилмоқда. Хусусан, Урта асрлар мусиқа рисолаларида Шарқ мумтоз мусиқасига хос пардалад тузилмалари келтирилиб, мақомот ҳамда халқ мусиқасига хос товушқатор ва усуллар тузилиши ҳақида мулоҳазалар юритилган. 19-аср боши ва ўрталарида Шашмақомга оид махсус ёзма шеърий тўплам — баёзлар юзага келди. Уларда мақомларга айтилган ғазал матнлари келтирилган, мақом ва шўъбалар номлари ҳамда ижро этиладиган ашулалар туркумининг тартиби кўрсатилган. Комил Хоразмий ва унинг ўғли Муҳаммад Расул танбур чизиғи ёрдамида ёзиб олган Хоразм мақомлари ҳам Шашмақомнинг 19-аср намуналари ҳақида қимматли маълумот беради.
Шашмақом ашула йўлларида ўзбек ҳамда форс мумтоз шоирларидан Рудакий, Жомий, Лутфий, Навоий, Бобур, Фузулий, Ҳофиз, Амирий, Нодира, Зебуннисо, Огаҳий ва бошқаларнинг ишқийлирик, фалсафий, насиҳатомуз, диний мазмундаги ғазаллари, шунингдек, халқ тўртликлари жалб этилган.
Шашмақом, асосан, оғзаки тарзда авлодданавлодга устозшогирд анъанасида ўтиб келди. 1920-й. ларда Бухоро, Самарқанд, Тошкент шаҳриларида махсус мусиқа мактаблари, билим юртлари ташкил қилиниб, уларда мақом ва халқ мусиқа намуналарини ўзлаштиришга эътибор қаратилди; Ота Жалол, Отағиёс Абдуғаниев, Домла Ҳалим Ибодов, Шораҳим Шоумаров, Абдусоат Ваҳобов, Усто Шоди Азизов каби мақомдон созанда ва ҳофизлар ёшларга сабоқ бериш учун жалб этилдилар.
Шашмақомни илк бор В. А. Успенский Ота Жалол ва Ота Ғиёс ижроларидан ҳоз. нота ёзувига олиб нашр эттирди («Шашмаком, Шесть музмкальних поэм», М. — Бухоро, 1924). Мулла Бекжон Раҳмон ўғли ва Муҳаммад Юсуф Девонзоданинг «Хоразм мусиқий тарихчаси» (М., 1925), Фитратнинг «Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи» (Самарқанд — Т., 1927) рисолалари 20-аср мақомшунослигининг дастлабки намуналари бўлиб, қимматли маълумотларга эга. Шашмақомни ўрганишга, айниқса, 1950-й. лардан кўпроқ аҳамият берила бошланди. И. Ражабов қаламига мансуб «Мақомлар масаласига доир» (Т., 1963) тадқиқоти ўзбек мақомшунослиги ривожланишини янги босқичга кўтарди. Тожикистонда Б. Файзуллаев, Шашмақом Соҳибов ва Ф. Шаҳобовлар ўз ижроларида нотага олиб, В. М. Беляев таҳрири остида Шашмақомнинг 5 жилдини нашр эттирдилар («Шашмақом», М., 1950—67). Ўзбекистонда Шашмақомни Юнус Ражабий ўзи ва бошқалар созанда ва хонандалар ижросидан ёзиб олиб, икки марта — «Ўзбек халқ мусиқаси» (V ж., Т., 1959) ва «Шашмақом» (I—VI ж. лар, Т., 1966— 75) номи билан нашр эттирди. Тошкент консерваториясида «Шарқ мусиқаси» кафедраси (1972 йил), у асосда «Мусиқий шарқшунослик» ва «Анъанавий ижрочилик» (1992 йилдан) кафедралари орқали Шашмақомни илмий ўрганиш ва амалий ўзлаштириш олий, ўрта махсус ҳамда бошланғич таълим босқичларида йўлга қўйилди. 1983 йилдан бошлаб мақом ижрочиларининг республика танлови (1991 йилдан Ю. Ражабий номида) мунтазам ўтказиб келинмоқда.
(Қўшимча маълумот)
Шашмақом тожикча сўз бўлиб, олти мақом маъносини англатади. Шашмақом ижроси қадимдан бастакорлик анъаналари натижасида дунёга келган ва халқ бастакорлари ижодининг маҳсулидир. Бастакор сўзи форсий атама асосида боғловчи деган маънони англатади. Барча мақом туркумлари ижроларининг шўҳбаларини қайсидир бир бастакор яратган ва халқона бўлган¬лиги учун халқ мулкига айланиб кетган. Шунингдек, бунинг натижасида мақом йўллари бойиб бораверган. Ҳозирда ҳам бу анъана давом этмоқда.
Шашмақом ўзбек мусиқий маданиятида беқиёс ўринга эга ва халқимиз мусиқий меросининг асосини ташкил этади. Унинг таркибида 250га яқин мушкулот (чолғу) ва наср (ашула) йўллари бўлиб, буларнинг барчаси аниқ лад ва услублар асосида бир-бирига боғлангандир. Шашмақом таркибида ўзига хос шаклдаги йирик туркумлар бўлиб,улар Бузрук, Рост, Наво, Дугох, Сегох, Ироқ деб номланади. Буларнинг ҳар бири 20тадан 45 тагача катта ва кичик ҳажмдаги мақом йўлларидан иборатдир. Шашмақомдаги ҳар бир туркум якка куй ва ашулалар тарзида созанда, хонанда ва дасталар томонидан ижро этилган ва ҳозир ҳам ижро этилади. Мақомларнинг ҳар бири икки бўлимдан иборат бўлиб, улар чолғу ва ашула бўлимларга ажралади. Юқорида айтганимиздек, мушкулот ва наср деб аталади.
Мақомларнинг мушкулот қисмида бир хил ном билан айтадиган чолғу қисмлари мавжуд бўлиб, оҳанглари турлича бўлади, лекин усули бир хил чалинади. Улар Тасниф, Таржи, Гардун, Муҳаммас, Сақил деб номланади. Мақомларда номдош бўлмаган чолғу қисмлар ҳам учрайди. Масалан, Навода - Нағмаи Ораз, Дугоҳда Пешрави Дугоҳ ва Самои Дугоҳ, Сегоҳда - Хафифи Сегоҳ ва ҳоказо.
Ҳар бир чолғу қисм хона ва базгўйлардан ташкил топган.
«Хона» - уй маъносини билдириб, куйнинг ўзгарувчан бўла¬ги¬дир. Бунда куй мазмуни янгича услубда авж томон ҳаракатланиб, бош пардага қайтиб тушади ва мазмунан бойиб боради.
«Бозгўй» - «қайтариқ» маъносини англатади, бунда куй хоналаридан сўнг такрорланади ва тугалланади. Яна ижроларнинг такомиллашувида «пешрав» куй қисмлари катта аҳамият касб этади. Пешрав - олдинга юрувчи маънони беради ва куйнинг тур¬ли баландликларида бир неча марта такрорланади ва боз¬гўй¬га уланиб кетади.
Шашмақомнинг наср (ашула) бўлимининг шўҳбалари ҳам бастакорлик ижодининг маҳсулидир. Бунда 200 дан ортиқ турли шаклдаги ашулалар мавжуд бўлиб, улар асосида ҳам бастакорлар томонидан юзлаб куй ва ашулалар яратилган. Шашмақомнинг ашула бўлимлари анчагина мураккаб шаклдаги шўъбалар¬дан таркиб топган ва асосан, бир-биридан ажралиб турадиган икки хил шўҳбалар гуруҳига бўлинади.
Биринчиси _ Сараҳбор, Талқин, Наср ва Уфар қисми. Иккинчисининг эса асосан, Савт - мўғулча шаклидаги шўҳбалар киради. Ашула бўлими ижроларида намудлар катта ўрин тутади. «Намуд» - кўриниш, ўхшаш маъносин англатиб, маълум бир ашула қисмининг иккинчисида қайтарилиши тушунилади. Намудлар шашмақомнинг ашула бўлимида кўп учрайди. Булар Дугоҳ, Сегоҳ, Баёт, Наво, Уззол, Ушшоқ, Ораз, Насруллойи, Муҳайяри Чоргоҳ намудларидан иборат бўлиб, буларнинг аталишидан мақомнинг қайси шўҳбасидан олинганини билиб олиш мумкин. Бир мақомдан олинган намуд иккинчи мақомда фойдаланилганда, шу мақом шўҳбасининг куй ҳаракати, тузилиши ва доира усулларига мослаштирилади. Намудлар йирик шаклдаги халқ ашулаларида ҳам учрайди. Бундан ташқари, анъанавий қўшиқ ижросидаги асосий ишлатиладиган авжлар, яҳни Зебо пари авжи, Турк авжи сингари авжлар ҳам намудлар вазифасини бажаради ва ижрога жило беради.
Зебо пари авжи - Сегоҳ мақомидан ташқари барча мақомларда ишлатилади ва машҳур авж саналади. Бу авжни исфаралик машҳур ҳофиз Зебо пари яратган бўлиб, мақом ва анъанавий қўшиқ ижросига янгилик сифатида кириб келган ва машҳур бўлиб кетган.
Турк авжи деб номланувчи авж қадимий бўлиб, Бузрук ва Сегоҳ мақомлари шўҳбаларида фойдаланилган. Бундан ташқари, анъанавий қўшиқ ижросида ҳам жуда зарурий авж сифатида ишлатилади. Мазкур намуд ва авжлар мақом шўҳбаларида куй тузилмаларининг қонуний ривожланиши, куйнинг руҳи, қиёфаси лад асосининг парда тузилиши ва доира усулининг хусусиятларига мослаб олинади. Улар турли усулдаги ашулаларда ўзига хос оҳанг билан жилоланади.
Юқорида айтганимиздек, Шашмақомнинг биринчи гуруҳ шўҳбаларига Сараҳбор, Талқин, Наср, уларнинг тароналари ва Уфар қисмлари киради. Ҳар бир мақом туркуми Сараҳбор билан бошланади.
Сараҳбор - тожикча «сар», яҳни бош, ахбор - арабча «хабар» маъносини беради ва бош ижро йўли мазмунини англатади. Олти мақомнинг ҳар бирида улар мақомлар номи билан қўшилиб, Сараҳбор, Бузрук, Сараҳбори Рост, Сараҳбори Наво, Сараҳбори Дугоҳ, Сараҳбори Сегоҳ, ва Сараҳбори Ироқ - деб номланади. Улар 11-14-15 бўғинли шеҳрий вазнда ижро этилади.
Талқин - арабча «тушунтириш» маъносини англатиб, бу шўҳ¬ба Ироқдан ташқари барча мақомларда учрайди ва Талқини Уззол, Талқини Ушшоқ, Талқини Баёт, Талқини Чоргоҳ, Талқини Сегоҳ деб юритилади. Талқиннинг тароналари эса, Сараҳ¬бор¬да¬ги каби вазифани бажаради. Фойлатун-фойлатун-фойлатун-фойлун шеҳрий вазн билан ижро этилади.
Наср - сочма маъносини англатиб, улар Шашмақомда ўн тўртта ном билан аталади:
Бузрукда - Насруллойи, Наср Уззол;
Ростда - Наср Ушшоқ, Наврўзи Сабо;
Навода - Насри Баёт, Орази Наво, Хусайний Наво;
Дугоҳда - Насри Чоргоҳ, Орази Дугоҳ, Хусайний Дугоҳ;
Сегоҳда - Насри Сегоҳ, Наврўзи Хоро, Наврўзи Ажам;
Ироқда - Мухайяри Ироқ.
Улар мафоийлун - мафоийлун - мафоийлун вазнли шеҳрий туркумлар асосида ижро этилади.
Уфар - мақом ижроларининг якунловчи қисми бўлиб, шўх дойра усулида ижро этилади. Ҳар бир мақомнинг шўҳбалари ва уларнинг тароналари туркум тарзида ижро этилиб, уфар билан тамомланиб, охирги супориш билан якунланади. Уфар ижроларида турли вазндаги шеҳрлардан фойдаланилади.
Ашула бўлимининг иккинчи гуруҳ шўҳбалари Савт ва мўғулчалар усулида ижро этиладиган ашула йўлларидир. Иккинчи гуруҳ шўҳбалари беш қисмдан иборат бўлиб, асосан ашула йўлларидан иборатдир. Бундан ташқари, Талқинча, Қашқарча, Соқийнома, Уфар шахобчалари ҳам мавжуддир. Улар Рамал, Комил, Музореҳ, Ражаз, Мутроқий вазнидаги шеҳрлар билан ижро этилади.
Иккинчи гуруҳ шўҳбалари орасида Рок, Ироқи Бухоро, Мустаҳзоди Наво ўз тузилиши билан Савт мўғулча шўҳбаларидан фарқ қилади ва уларнинг бош қисмлари Сараҳбор ва Талқин усулларида ижро этилади.
Биз қуйида Шашмақомнинг ҳар бир туркумининг номланиши, мазмуни, куй ва ашула йўллари тузилмалари ҳақида қисқача баён этишни лозим топдик ва шу асосда жадвалда кўрсатишга ҳаракат қилдик.
Бузрук мақоми
Олтита мақомнинг биринчиси шу ном билан аталади. Бу мақом қадимдан машҳур бўлган. Қадимий мусиқий манбаларда Бузрук аниқ лад тузилмасини ва унга мос куй ва ашулаларни ифодалаган. Ҳозиргача эса Шошмақом таркибидаги куй ва ашула йўллари билан ифодаланади.
«Бузрук» - форсча сўз бўлиб, «катта, улуғ» маъноларини билдиради ва маъносига қараб ҳам кўплаб куй ва ашула йўлларини ўз ичига олади. Шунинг учун ҳам улуғ мақом деб номланади. Бузрук мақомининг чолғу бўлими Таснифи Бузрук, Таржеи Бузрук, Гардуни Бузрук, Муҳаммаси Бузрук, Муҳаммаси Насруллойи, Сақилий Ислимий, Сақилий Султон чолғу ижроларидан иборат. Бу чолғу қисмлар куй тузилиши, оҳангдор¬лиги билан мукаммал асарлар сарасига киради.
Бузрук мақомининг чолғу ва ашула йўлларининг бадиий қиммати шундан иборатки, улар асосида бастакорлар томонидан жуда кўп куй ва ашулалар яратилган.
Бузрукнинг чолғу қисмидаги куйлар бирин - кетин ижро этилгандан сўнг, шўҳбаларга ўтилади. Бу шўҳбалар Сараҳбори Бузрук, Талқини Уззол, Насруллойи, Насри Уззол, Уфори Уззол номлари остида тароналари билан туркум тарзда ижро этилади. Улар орасида Насруллойи ва Насри Уззол Наср шўҳбалари саналади. Уларнинг авжлари Ушшоқ, Уззол, Муҳайяри, Чоргоҳ намудлари асосида бўлиб, Насруллойида эса турк авжидан фойдаланилган. Ҳеч қайси шўҳбаларни камситмаган ҳолда Бузрук мақомининг асосий Наср шўҳбаларидан бўлмиш Насруллойи ҳақида бироз тўхталамиз.
Насрулло - шу номли куй ва ашулани яратган бастакорнинг таҳаллусидир. Баҳзи манбаларга қараганда, Хуросон ҳукм¬дори Султон Санжар замонида машҳур Насрулло ҳофиз ўтган¬лиги, подшоҳ Санжар ва Насрулло ҳофиз ҳақида ривоятлар ҳам мавжуд. Халқ орасида машҳур бўлган Насруллойи шўҳбаси 12 мақомда «Роҳавий» номи билан аталган.
Насруллойи ижролари Бузрукнинг бошқа шўҳбаларидан фарқ қилади ва мусиқа ижодиётига сезиларли таҳсир кўрсатган. Унинг асосида туркум тарзида ижро этиладиган Насруллойи номи билан машҳур бўлган 5 қисмли куйлар Фарғона Насруллоси деб номланган ашула йўллари яратилган бўлиб, сўнгги йилларда машҳур ҳофиз ва бастакор Фаттоххон Мамадалиев бу ижро йўлларини янгича талқин этди.
Насруллойининг 5 қисмли куйлар мажмуини кўҳна қадимий созлар билан тўлдирилган «Мерос» ансамбли машҳур созанда Ғуломжон Хожиқулов раҳ¬бар-лигида муваффақиятли ижро этдилар.
Бузрук мақомидаги яна бир машҳур ижро иккинчи гуруҳ шўҳбаларидан бири «Савти Сарвиноз» номи билан машҳур. Савти Сарвиноздаги куй ва ашулалар оҳангдорлиги билан ажралиб туради.
Бу ашула оҳанглари асосида XIX асрнинг охирида Шаҳрисабзлик машҳур бастакор мақомдон ҳофиз Абдураҳмонбек уч қисмли туркум яратди. Бу туркум ҳозиргача севиб ижро этилади.
ХХ асрнинг бошларида Марғилонлик Мадали ҳофиз Абдураҳмонбеги туркумини тўлдириб, уни еттита ашула йўлини яратди ва ўз даврида бу ижролар «Мадалибеги» номи билан машҳур бўлган ва 1912 йилда пластинкага ёздирилган. Бу ноёб пластинка ҳозирда Марғилон санъат музейида сақланади.
Бузрук мақомининг 2 гуруҳдаги шўҳбаларидан бири халқнинг севимли ижроларидан Ироқи Бухоро саналади. Бу ижро ўзининг жозибаси билан куй тузилиши, авжининг хилма - хиллиги билан ажралиб туради.
Ироқ йўллари асосида Чўли Ироқ, Суворий сингари машҳур чолғу асарлари, Тошкент Ироқи каби ашулалар юзага келган ва севиб чалиниб, куйланиб келади. Умуман, Бузрук мақоми Шашмақом таркибида бош катта мақом вазифасини ўзининг мусиқий салобати билан тўлдириб туради.
Рост мақоми
«Рост» мақоми - қадимий мақомлардан бири бўлиб, 12 мақомнинг бири ҳисобланган. Рост мақоми борасида турли афсоналар ҳам мавжуд бўлиб, Одам ато ва Момо Ҳаводан қолган деб ҳам юритилади. «Рост» ибораси «мос келадиган, тўғри тушадиган» маъноларини билдиради. Бу мақомнинг ладига кўп куй ва ашулалар мос келгани учун Рост деб номланган. Рост мақоми ҳам чолғу ва ашула бўлимларидан иборат бўлиб, мушкулот қисми Таснифи Рост, Гардуни Рост, Муҳаммаси Рост, Муҳаммаси Ушшоқ, Муҳаммас Панжигоҳ, Сақилий вазмин, Сақилий Раг-раг деб номланади. Ростнинг ашула йўллари биринчи ва иккинчи шўҳбалардан таркиб топган бўлиб, биринчи гуруҳ Сараҳбори Рост, Талқини Ушшоқ, Насри Ушшоқ, Наврўзи Сабо шўҳбалари ва Уфари Ушшоқ қисмидан иборат.
Рост мақомининг ашула бўлими бош мавзуи бўлган Сараҳбори Рост ўзининг куй тузилиши жиҳатдан бетакрор ашула йўлларидан бўлиб, жуда мураккаб қиёфага эга. Рост мақомининг иккинчи шўҳбаси «Талқини Ушшоқ» деб номланади. Бу мақомда Ушшоқнома билан машҳур бир неча шўҳба ва қисмлар мавжуд. Биринчи гуруҳ шўҳбаларида Насри ушшоқ ва Уфори Ушшоқ ашула йўллари мавжуд. Уларнинг барчаси бир-бири билан ҳамоҳанг бўлиб, куй тузилиши ва таркибий қисмлари ҳам бир хилдир. Ушшоқ ибораси арабча «Ошиқлар» маъносини англатади. Ушшоқнинг чолғу ва ашула йўллари ишқий, лирик оҳанг касб этишини ўзи ушбу маънога монандлигини кўрсатади.
Ўтмиш мусиқий манбаларида Наврўзи Араб, Наврўзи Хоро, Наврўзи Баёт, Наврўзи Ажам, Наврўзи Сабо сингари наврўз байрамига нисбатан берилган шўҳбалар мавжуд бўлганлиги айтилади. Баҳор манзараларини лирикасини тасвирлайдиган ушбу ижролар 12 мақомда роҳавий мақомини шўҳбаси саналган. Шашмақомда эса Рост мақоми таркибига киритилган.
Рост мақомининг биринчи гуруҳ шўҳбалари жуда машҳур ашула йўллари саналади. Улар асосида Савт ижролари, уларнинг шоҳобчалари, Ушшоқнинг қатор вариантлари, Гулёри Шаҳноз ва унинг шаҳобчалари, сурнайда чалинадиган қатор мусиқа асарлари юзага келганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Рост мақомининг биринчи гуруҳ шўҳбалари Сараҳбори Ростдан бошланиб, унинг 4 та таронаси айтилади. Туркум эса Талқини Ушшоққа уланиб кетади. Таронасининг ижросидан сўнг Талқини Ушшоққа уланиб кетади. Сўнгра иккита таронаси, Наврўзи Сабо унинг талқинчасига ўтилади. Биринчи гуруҳ шўҳбалари Уфори Ушшоқ ва охирги сипориши билан якунланади.
Рост мақомининг иккинчи гуруҳ шўҳбаларига Савти Ушшоқ, Савти калон, Савти Сабо киради ва Ростнинг биринчи гуруҳ шўҳбалари асосида яратилган бўлиб, уларнинг вариантлари саналади. Булардан Савти Ушшоқ шўҳбаси алоҳида мазмунга эга бўлиб, янгича сайқал билан жилоланади ва бой мазмундор ашула йўлларига эгадир.
Савти Ушшоқнинг куй оҳанглари асосида халқ бастакорлари жуда кўп куй ва ашулалар яратганлар. Халқимиз орасида машҳур бўлган «Гулузорим», «Фарғонача тановар», «Тонг отгунча», Хоразм достонларида айтиладиган «Найлайин» ашуласи «Излайман» ва бошқа Фарғонача қўшиқ ва яллалар бунга мисол бўла олади. Бундан ташқари, Мухтор Ашрафийнинг «Дилором» операсидаги Дилором арияси, Дони Зокировнинг «Кўрмадим» романси, Дадаали Соатқуловнинг Муқимий ғазалига ёзган «Нав¬баҳор» романси, Тўхтасин Жалилов ижодига мансуб бир неча ашула йўллари, Ғанижон Тошматовнинг «Истадим» қўшиғига ўхшаган машҳур ижролар Савти Ушшоқ ҳамоҳанглиги натижасида яратилган бўлиб, мусиқий маданиятимизнинг дурдоналарига айланиб кетган.
Рост мақомининг машҳур шўҳбаларидан бири «Савти калон» саналади. «Калон» сўзи бастакор тахаллусидир. «Савти калон» беш қисмли ашула йўли бўлиб, унинг шаҳобчалари Тал¬қин¬ча, Қашқарча, Соқийнома ва Уфордир. Улар асосида кўплаб куй ва ашулалар яратилган бўлиб, Қаландар 1- II (раққосасидан) “Фарҳод ва Ширин” драмасидаги Ширин арияси шулар жумласидандир.
Ушбу шўҳбадаги Соқиномайи Савти калон ашуласи машҳур ижролардандир. Рост мақоми йўлларига мос куй ва ашулалар халқимиз мусиқий меросидан муносиб ўрин олган бўлиб, санъаткорларимиз томонидан севиб ижро этилиб келинади.
Наво мақоми
«Наво» мақоми - «Шашмақом» таркибидаги учинчи мақом са¬на¬либ, унинг тарихи ҳам ўтмиш замонларга бориб тақалади. «Наво» атамаси арабча сўз бўлиб, ёқимли куй, оҳанг деган маънони англатади. Буюк бобомиз Алишер Навоий ҳам ўз тахаллусини шу атамага монанд қўллаган бўлиб, «Наво чекувчи, куйловчи» маъноларини англатган. Ўтмиш мусиқа рисолаларида Наво мақоми Нағмаий Довудий, яҳни Довуд пайғамбар куйи деб ҳам аталади. Ўн икки мақомда наво мақоми иккинчи чолғу ва ашула бўлимларидан иборат. Ашула бўлими, биринчи ва иккинчи гуруҳ шўҳбаларидан таркиб топган.
Наво мақоми саккизта чолғу қисмига эга бўлиб, Таснифи Наво, Таржеи Наво, Гардуни Наво, Нағмаи Орази Наво, Муҳам¬маси Наво, Муҳаммаси Баёт, Муҳаммаси Хусайний, Сақили Наво деб номланади. Тасниф - мақомнинг бош куйи, Таржеҳ - қайтарма оҳанглардан иборат куй, Гардун, Муҳаммас ва Сақил иборалари дойра усулларининг ифодасидир. Шунингдек, Нағмаи Орази Наво, Хусайний бастакорнинг тахаллусларига нисбатан берилган атама саналади.
Навонинг чолғу йўллари оҳангларга бой, тез таҳсир этадиган, куйлардан тузилган. Навонинг чолғу қисмида усуллар ўзгарсада, бирин-кетин келгани учун бир-бирига боғлиқликни кузатиш мумкин. Наво мақоми асосида қатор чолғу куйлари, сурнай наво йўллари яратилган.
Наво мақомининг ашула бўлими биринчи гуруҳ шўҳбалари Сараҳбор, Талқин, учта Наср ва битта Уфар қисмларидан таркиб топган. Биринчи гуруҳ шўҳбалар - Сараҳбори Наво, Талқини Баёт, Наср шўҳбалари - Наср Баёт, Орази Наво, Ҳусайний Наво деб номланади ва ўзларининг тонларига эга. Уларнинг биринчиси Савти Наво, Наво оҳанглари таҳсирида юзага келган. Чапандоз дойра усулида ижро этилгани учун «Чапандози наво» деб ҳам номланади. Устоз Юнус Ражабий «Савти» дойра усулини қўшиб, куй йўлининг барча ҳаракатларини сақлаб қолиб, ашула йўлини юзага келтирди. Натижада Савти Наво тўлдирилиб, унинг олти қисмли шакли юзага келди. Савти Навонинг бош ашула йўли ижро этилгандан сўнг ижро этилади. «Чапандози Савти Наво» ва унинг Талқинчаси, Қашқарчаси, Савти Навонинг машҳурлиги шундаки, шу асосда барча ижроларда севиб айтиладиган «Авжи Турк» юзага келган.
Наво мақомининг иккинчи гуруҳга кирган машҳур шўҳбаларидан бири Мўғулчаи Наво деб номланади ҳамда Талқинча ва Қашқарча ашула йўллари мавжуд бўлиб, туркум сифатида ижро этилади. Наво мақомининг иккинчи гуруҳ шўҳбаларидан учинчиси Мустаҳзоди Наво деб номланади ва унда ҳам Талқинча, Қашқарча, Соқийнома ва Уфар қисмлари мавжуд. «Мустазод» шеҳр вазни ифодаси бўлиб, арабчада «орттирилган» маъносини англатади.
Мустаҳзоди Навонинг куй йўлида ҳам шеҳр шаклидаги каби орттирилган куй бўлаги мавжуд бўлиб, ҳар бир куй жумласи кетидан уни якунлаб борувчи кичик бир куй бўлаги қўшилади.
Мустаҳзоди Навонинг биринчи хати - даромад, иккинчи хати - миёнхат, учинчи ва тўртинчи хатлар Баёт намуди, бешинчи хати Наво намуди, охирги хати эса - туширим қисмлардан иборат. Мустаҳзоди Навонинг бош йўли ижро этилгандан сўнг унинг шаҳобчалари - Талқинчаси, Қашқарчаси, Соқийномаси, Уфори ўқилади.
Умуман олганда Наво йирик мақомлардан бўлиб, унинг оҳанглари асосида жуда кўп куй ва ашула ҳамда сурнай йўллари яратилган. Бу асосда Фарғона, Тошкент, Тожикистон воҳаларида машҳур бўлган баёт ижролари ва туркумлари яратил¬ганлиги ва севиб ижро этилганлиги яққол мисол бўла олади. Баёт йўллари шу қадар кенг тарқалганки, унинг асосида кўплаб вариантлар яратилган ва ҳозир ҳам изланишлар давом этмоқда. Бастакорлар бу асосда куй ва ашулалар яратмоқдалар. Шундан кўринадики, Наво мақоми асосида келгусида ҳам кўплаб мусиқий асарлар яратилади.